Ҳаракатли ўйинлар болажонларимиз дунёсида
Ҳар бир бола у қандай бўлишидан қатъи назар ўзининг болалик дунёсига эга. Шунингдек, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болалар ҳам болалик даврини тўлақонли ўтказишлари учун катталар томонидан ёрдам кўрсатилиши, йўл-йўриқ берилиши керак. Азалий ақидаларимизга кўра, “бир болага етти маҳалла ота-она”, “боланинг бегонаси бўлмайди” каби умумий қарашлар жамиятимизнинг аслиятига сингиб кетган. Бироқ ҳозирги кунда тараққиёт ривожланиши, технологиянинг илгарилаб кетиши оқибатида инсонлар ўртасидаги муносабатлар ва ижтимоий институтлар (оила, маҳалла, туман, соғлиқни сақлаш, жамоатчилик ташкилотлари) орасида ўзаро номутаносиблик кўзга ташланмоқда.
Албатта, жамиятимизни тараққий этиши учун жадал суръатда кечаётган ҳаётимизда юксак чўққиларни забт этишни кўзда тутамиз. Аммо, шу билан бир қаторда, миллий анъаналаримизни ёддан чиқармаслигимиз зарур. Масалан, ўзбек халқининг йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мероси – бу ўзбек халқ ўйинларидир.
Камдан-кам ҳолларда оила аъзолари бир стол атрофида жам бўлиб, бирон умумий машғулот билан банд бўлади. Асосан, иш вазифаларимиз, уй-рўзғор ташвишлари фикримизни чулғагандек. Бурунгилар бундай ташвиш билан ўй сурмаганми?!
Биз – катталар ўз ўй-ташвишларимиз билан фарзандларимизни болалик завқидан махрум қилишга хаққимиз йўқ. Айниқса, бу ҳолат алоҳида эҳтиёжга эга болалар борасида жуда аҳамиятлидир.
Болалар табиатдан ўйинқароқ бўлишади. Улар катта ҳаётга ўзларининг қизиқишлари асосида ўрганадиган ўйинлари орқали кириб борадилар. Ўйинлар нафақат вақтни мазмунли ўтказишга, балки ўйновчиларда ҳамжиҳатликни, кўтаринки руҳиятни, ўз устида ишлаш ва жисмоний, маънавий камол топишга ундайди, самарали ижтимоий мослашувни таъминлайди. Таъкидлаш жоизки, марказимизда даволовчи жисмоний тарбия машғулотларида ҳам шундай ўйинлардан самарали фойдаланилади.
Педагогика фанлари доктори, профессор Т.С.Усмонхўжаев ва уларнинг шогирдлари А.И.Толибжонов, Х.А.Мелиев, Н.Б.Хотамовлар ўзларининг кўп йиллик изланишлари самарасида тўплаган халқ миллий ва ҳаракатли ўйинларини республикамиз бўйлаб йиғиб бордилар. Уларнинг муаллифлигида “500 ҳаракатли ўйинлар” номли китоби чоп этилди. Китоб ўзининг китобхонга тушунарлилиги билан алоҳида ўрин тутади. Саҳифаларининг мазмунан бойитилганлиги, суратлар билан безак берилгани ўқувчида катта қизиқиш орттиради. Ўйинларни ёш, жой ва мавсумга қараб ўйнатиш мумкин. Бундай ўйинлардан: “Оқ суяк”, “Жамбил”, “Қопқон”, “Аёз”, “Солой-солой”, ”Чой-чой”, “Бўрон”, “Қубба” ва бошқа қизиқарли ўйинларни ўз ичига олади. Ўйинлар шунчаки эрмак учун ўйнабгина қолмасдан, балки болаларда мақсад ва интилишни шакллантиришга ҳам замин яратади. Бу эса ўз ўрнида болажонларимизни эртанги кунга умид билан назар солишига дастак бўлади.
1- Бўлим етакчи мутахассиси
Абдужабаров Ж.К.