Муаммо ягона, уни ечиш йўлларида бирлашиш даркор!
Оила ва никоҳ ҳамиша барқарор ва оммавий қизиқиш йўналтирилган кўринишдир. Деярли ҳар бир жамиятда ибтидоий жамоадан бошлаб мураккаб ижтимоий қурилишга эга бўлган замонавий ривожланган давлатларгача оила яққол ифодаланган ижтимоий бирлик сифатида юзага чиқиб келган. Барчамиз оила ўзининг мавжуд бўлиши давомида қатор тузилмалар, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан бевосита ва бавосита алоқада бўлишини биламиз. Шу нуқтаи назардан Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида жорий йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Хотин қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Болалар ва оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигининг истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати ҳам айнан шу масалаларга йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325 сонли Фармонига асосан ўтказилган давра суҳбатида ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Дефектологлар ассоциациясининг раиси педагогика фанлари доктори, профессор Лола Мўминова ассоциациянинг барпо этилиши, олиб борилаётган ишлар, шунингдек, нафақат мамлакатимиз, балки ҳамдўстлик давлатлари билан ҳам ўрнатилган ҳамкорлик ҳақида тўхталиб ўтди. Эшитиши ва нутқида бузилиши бўлган болалар билан мутахассислардан ташқари унинг атрофидаги яқинлари ҳам шуғулланишлари лозимлиги, бу борада олдимизда турган вазифаларни таъкидладилар.
“Оила, ундаги муносабатлар, хотин-қизлар масалалари бугунги кунда ўта долзарблик касб этмоқда. Бу борада нафақат давлат тузилмалари, балки Нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг ўзига хос ўрни бор. Биз ҳамкорликда ишлаган тақдиримизда муаммонинг илдизини ўрганган ҳолда амалий ёрдам кўрсатишимиз мумкин”, – деди тадбирда сўзга чиққан Яккасарой тумани ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Султанова.
Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва ҳалқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шотурсунова Нодира қўмита фаолиятига тўхталганча, ННТлар клубининг ташкил этилганлиги, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлиги кўплаб муаммоларга ечим топишда самара беришини айтиб ўтди.
Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази директори Раъно Шодиева оилада ногиронлиги бўлган фарзанд дунёга келганида бунинг сабабларини таҳлил қилиш аёлларнинг зиммасида эканлиги, бу борада ҳал қилинмаган жиҳатлар кўплигини, имконияти чекланган болалар орасида иқтидорлилари кўп экани, уларнинг маҳсулотини сотиш, кўргазмаларга қўйиш орқали моддий ёрдам беришаётганини айтиб ўтди.
Жиззах вилоятида ташриф буюрган “Istiqlol avlodi” ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази юристи Мамаражаб Умрзаков миграция ва унинг оқибатлари масалаларини кўтарди. Бу борада олиб бораётган фаолиятларидан мисоллар келтирди.
Мазкур давра суҳбатида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимияти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, “Sen yolg’iz emassan” Республика жамоатчилик болалар фонди, Имконияти Чекланган ёшлар ва болалар маркази, Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш Ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этдилар.
Кенг жамотачилик иштирокида ўтказилган тадбир иштирокчилари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар билан ишлашда давлат органлари ва нодавлат ва нотижорат ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича билдирилган таклифлар амалиётга татбиқ этиш борасида келишиб олинди.