“АУТИЗМ – БЕФАРҚ БЎЛМАНГ!”
Баҳор кунларида об-ҳавони олдиндан башорат қилиш мушкул масала. Бироқ кеча шаҳримиз Тошкент чангу-ғуборлардан фориғ, кўм-кўк майсалар барқ урган, мевали дарахтлар гуллаган гўзал гўшалардан бири бўлди. Шундай ажойиб кунда Эко-парк бағри бизнинг болажонларимиз билан тўлди.
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) “Sen yolg’iz emassan” республика болалар жамоатчилик жамғармаси, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази, Тошкент шаҳар фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш "Умр" жамоатчилик маркази билан биргаликда “Мовий ранг – кўтаринки кайфият!” номи остидаги тадбир айнан шу Эко-парк қучоғида ўтди.
Унда аутистик спектрида бузилиши бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этиб, хордиқ чиқардилар. Эстрада хонандаси Муниса Ризаева ҳар бир мухлиси ва мухлисасининг кўнглини ола билди, қўшиқлари билан уларни ўзига мафтун этди.
Шунингдек, Санъат ва маданият институтининг талабалари ўзларининг чиқишлари билан иштирок этаётганларга завқ улашдилар. “Эзгу амал” жамоатчилик жамғармаси томонидан РБИММ га қатнайдиган болалар ва улар билан иш олиб борадиган мутахассислар учун хайрия совғалари тақдим этилди. 25-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳам мафтункор рақслари билан дилларга шодлик улашдилар.
Тадбир якунида ҳомийларга ташаккурномалар топширилди. Зеро, улар марказимиз олиб бораётган фидойи ишнинг кўлами кенгайишида муносиб ҳисса қўшдилар. “Аутизм – бефарқ бўлманг!” ёзувлари бўлган футболка барча иштирокчиларни қўлларни қўлларга бериб, бирдамликни намойиш қилишларида ўзига хос рамзий чорлов бўлди.