Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

“МЕН ЮРТИМГА МУНОСИБ ФАРЗАНД БЎЛАМАН!”

“МЕН ЮРТИМГА МУНОСИБ ФАРЗАНД БЎЛАМАН!”

  • 13 December 2018

 Турли сабабларга кўра оиладан ташқарида вояга етадиган болалар ҳақида қайғуриш, уларга ғамхўрлик қилиш бола туғилган ёки яшаётган давлат зиммасига қатор масъулиятни юклайди. Албатта, ҳар бир мамлакат амалдаги қонунчилиги доирасида уни амалга оширади. Республикамизда ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ғамхўрлик  давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири.
Республика болалар ижтимоий мослашувининг ходимлари М.Ш.Яхняева ва  Д.О.Живолчинскаялар “Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилаларига манзилли  мажмуавий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш (Қашқадарё, Бухоро, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри мисолида)” лойиҳаси доирасида Бухоро вилоятидаги 32-сонли Меҳрибонлик уйи, Қамаши туманидаги 4-Меҳрибонлик уйи ва Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйида, шунингдек, бўлим доирасида Гулистон шаҳар Болалар шаҳарчасида битирувчи тарбияланувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш юзасидан “Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини коммуникатив  жиҳатдан мустақил ҳаётга тайёрлаш” мавзусида семинар-тренинглар ўтдилар.

Интерфаол усулда, болалар билан ўзаро конструктив диалог асосида олиб борилган семинар-тренингда битирувчиларга муассасадан чиқаётганда зарур бўладиган ҳужжатлар, ишга жойлашишда тақдим этиладиган ҳужжатлар, шунингдек, бугунги кунда оммалашишни бошлаган янги касблар, хусусан, дистрибьютер, мерчендайзер, копирайтер каби касблар  юзасидан ахборотлар берилди. Қайтма алоқа вақтида ҳар бир тарбияланувчи ўз фикрини билдирар экан, турли жумлалар, сўзлар билан айтилган фикрда битта мазмун акс этди: “Мен юртимга муносиб фарзанд бўламан!”. Болаларнинг иштирокидан нафақат ҳукумат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик, балки муассаса ходимларининг ҳам саъй-ҳаракатлари ўз самарасини беришига ишонч ҳосил қилдик.