Маҳалла ва фуқаролар – депутат эътиборида
Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг навбатдан ташқари 100-сессиясида иштирок этган давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги 585 та маҳаллада ҳам дарахт ва гуллар экиш, ҳудудни ободонлаштириш, шароити оғир оилалар, ёлғиз қариялар, имконияти чекланган одамларни ҳолидан хабар олиб, уларни кўнглини кўтариш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтган.
Ресбублика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Васила Алимова ўз депутатлик фаолиятида ҳам айнан шу нарсаларга эътибор қаратган. Жорий йилнинг март ва апрель ойларида “Бошлиқ”, “Дилбулоқ”, “Дамариқ” ва “Бобур” маҳалалларида уй атрофи ва йўлакларнинг озодалиги, ҳар бир уй олдига мевали ва манзарали дарахтлар, райҳон, гулларнинг экилганлиги, подъездлар олдига қўйилган гултувакларнинг парвариш қилинаётганлиги, дарахтларнинг оқланганлиги, ҳудуднинг кўкаламзорлаштирилганлиги борасида танлов ўтказилиб, “Энг намунали кўча”, “Энг намунали уй”, “Энг намунали йўлакбоши”, “Энг фаол табиатсевар фуқаро”, шунингдек, халим, сумалак, миллий таомлар тайёрлаш, лапарлар айтиш бўйича ғолибга “Миллий қадриятларимиз тарғиботчиси” номинациялари бўйича ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди.
Халқимизнинг инсонийлик, олижаноблик, меҳр-саҳоват каби эзгу фазилатларини унутмаган ҳолда “Дамариқ” ва “Қушбеги” маҳаллаларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож – ёлғиз, ногиронлиги бўлган аъзолари бор 25 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва совғалар тарқатилди.