“Ўсмирларнинг хавотирли ҳолати билан ишлаш” мавзусидаги маҳорат дарси
Ўсмирларда хавотир ҳолати – бу турлича ўтадиган ўсмирлик кризиси оқибати бўлиб, у ўсмир ҳаётининг барча қирраларига таъсир кўрсатади. Ўсмир илк бора мустақил ҳал қилишига тўғри келадиган ўз ички низолари билан тўқнашади. Психологияда эмоционал интеллект деган тушунча бор, бу инсонга болаликдан сингдирилади, яъни ота-она болага “йиғлама”, “инжиқлик қилаверма” деганча унинг ўз эмоцияларини тўла намойиш қилишига йўл қўймасликлари унда бу интеллектнинг етарлича ривожланишига йўл бермайди. Бундай болалар билан ишлаш педагог ва психологлардан ўта сезгирликни талаб қилади. РБИММ Фарғона минтақавий филиалида бошланган “Камалак жилоси” болалар психологияси ва психотерапияси бўйича 10-фестивалининг биринчи кунидаги дастурда "Фергана гранд медикад сервис" нейропсихология маркази раҳбари, психология фанлари номзоди Ширин Мустафаеванинг “Ўсмирларнинг хавотирли ҳолати билан ишлаш” мавзусидаги маҳорат дарси айнан шу мавзуга бағишланди. Ш.Мустафаева ўзининг назарий ва амалий фаолиятидан келиб чиқиб, бундай ўсмирлар билан ишлаш усуллари, улар билан муносабатда қандай ёндашувлардан самарали фойдаланиш мумкинлигини мисоллар асосида айтиб ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.