Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

Супервизия – самара кафолати

Супервизия – самара кафолати

  • 20 April 2023

 

Супервизия – самара кафолати

Мутахассис ўз фаолияти давомида замон билан баробар одимлаши даркор. Бунда малакали мутахассислардан сабоқ олиш, шу асосда ўз фаолиятини қайта режалаштириш муайян натижаларга эришиш кафолатидир. Шу нуқтаи назардан   тажрибасиз мутахассиснинг ўз ишини ўзидан тажрибалироқ мутахассисга кўрсатиши ҳисобига ишнинг ҳолати, бажарилган ишлар мазмуни бўйича ундан  қайта алоқа асосида ишни янада бошқачароқ, самаралироқ, янада яхшироқ бажариш ва ш.к. юзасидан тавсия, маслаҳатлар олиш жараёни ҳисобланмиш супервизия айни ўринли бўлади. Навбатдаги онлайн супервизияда БМТ  ЮНИСЕФ болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Болаларни ҳимоялаш шўъбаси миллий консультанти Г.Б.Нигмаджанова “Сурхондарё вилоятида инклюзив таълим, ижтимоий хизматлар ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида тренингларда иштирок этганларга амалиётдан кейс ҳавола қилди:

“17 ёшли Ирода 5 ёшга тўлганида онаси алоҳида ҳисобда турувчи ижтимоий касалликдан вафот этган (бу касаллик туғилаётганида онасидан унга ҳам ўтган). Отаси дориларини вақтида бериб, яхши қараган, Ирода мактабга қатнаган. 15 ярим ёшида отаси юрак хуружидан вафот этган. Ироданинг аммаси маърака маросимлари ўтгач, отасининг машинаси, катта телевизори, янги музлаткичини сотиб, ўзига таниш аёлни олиб келиб, Иродани унга қолдириб кетган. Иродага синфдош дугонасининг онаси  ғамхўрлик қилишни бошлаган, ётоқхонадаги 2 хонали уйида ётиб қолганида тансиқ таомлар билан меҳмон қилган. Уйдаги қаровчи аёлга бу ёқмаган, у Ироданинг 5 фарзанди ҳар хил отадан бўлган аёлникида ётиб қолишини истамаган. Дугонасининг онаси 5-фарзандининг отаси билан яшаган, лекин у ҳам бу пайтда Россияга кетган. Дугонасининг онаси қаровчи аёл ҳақида тегишли идораларга айтгач, унга чора кўрилган. Она бир, бошқа отадан бўлган акаси унга қарашни зиммасига олмоқчи бўлганида, дугонасининг онаси қаршилик қилиб, васийликни зиммасига олган. Дугонасининг оиласи Ироданикига кўчиб ўтишган. 1 неча ойдан сўнг васийнинг аризаси ва Ироданинг розилиги билан аёл уни фарзандликка олган.  Олдинига ҳаммаси яхши бўлган, бироқ вақт ўтгач, аёл Иродани арзимаган сабаблар билан камситадиган, касаллигини пеш қиладиган одамт чиқарган. Отасининг каттагина нафақасини карточкага оладиган аёл Ирода нима сўраса, пул йўқ, дея олиб бермаган. Ироданинг аҳволи оғирлашган, анализ натижалари ёмон чиқа бошлаган, махсус тайинланган дорисини ҳам аёлнинг ўзи беришни бошлаган. Синф раҳбарига дардини айтганида, у онаси билан жиддий гаплашган. Аёл эса уйга келгач Иродани калтаклаган. Кейинроқ эса йигитлар билан юряпти, касали юқади, ўзим қарайман, деган баҳоналар билан мактабга ҳам юбормай қўйган. Ўқитувчи уйга келиб ўқитадиган бўлган. Шу тарзда у ўртоқларидан ҳам ажралган, аёлнинг қизлари Ирода билан фақат у йўқлигида гаплашадиган бўлишган”.

Ушбу ҳолатда Ироданинг қайси ҳуқуқлари бузилган?

Муҳокама жараёнида Иродани шу аёлга фарзандликка бериш мумкинмиди? деган масала кўтарилди, чунки:

аёлнинг муқим турадиган яшаш жойи йўқ;

аёлнинг 5 фарзанди турли отадан, бу масаланинг маънавий томонига эътибор қаратишни тақозо этади;

 аёлнинг доимий даромади йўқ;

қизнинг қондош қариндошлари бўлган;

ота яхши жойда ишлагани боис боланинг боқувчисини йўқотганлик нафақаси бор эди.

Ироданинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш нуқтаи назаридан  инобатга олиниши керак бўлган жиҳатлар:

1.                  Фарзандликка беришда боланинг ўз таъминоти бўлишига қарамасдан, олаётган шахснинг ҳам таъминоти етарли бўлиши даркор. Бунга, албатта, эътибор қаратилиши  лозим.

2.                  Фарзандлари турли отадан бўлган инсонга фарзандликка бериш мумкин эмас, деган қонуний меъёр йўқ. Лекин фарзандликка олувчининг шахсий хислатлари, турмуш шароити инобатга олиниши шарт.

3.                  Боланинг мулки бола манфаати йўлидагина тасарруф қилинади.  Боланинг ота-онаси вафот этганида маҳалла томонидан болага мерос қолган мулк рўйхат  қилиниши, далолатнома тузиб қўйилиши керак.

4.                  Инклюзив жамият барпо этилаётган айни дамда Ироданинг ижтимоий яккаланишига йўл қўйиш, нотўғри ёндашув.      

Демак, фарзандликка олишда фарзандликка олаётган аёлнинг шароити тўлиқ ўрганилмаган, унинг турар-жойи ётоқхона бўлганига эътибор қаратилмаган, қариндоши бўла туриб, бегонага фарзандликка берилган, мерос қолган мол-мулк талон-тарож қилинган, боқувчисини йўқотганлик нафақаси тушадиган карточкадаги маблағлар мақсадсиз сарфланган.

Иштирокчилар кейс қаҳрамонининг тақдири, мол-мулки юзасидан тегишли идораларнинг ҳаракатларини муҳокама қилганча, ўрганган билимлари асосида қонунчиликдаги меъёрлардан келиб чиқиб,  ўз вариантларини тақдим этдилар. РБИММ мутахассиси Д.Г.Хусанова бундай масалаларда нафақат қонун ва қарорлар, балки уларда ҳавола қилинган бошқа меъёрий ҳужжатларга ҳам мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлади ва амалиётдан мисоллар келтирди. Шунингдек, иштирокчларга тегишли ҳужжатларнинг электрон вариантлари тақдим этилди. Иштирокчилар амалий тажриба алмашиш учун онлайн тарзидаги бундай учрашувларни кўпроқ уюштириш таклифини билдирдилар.