Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

Ҳар бир бола эътиборимизда, ардоғимизда!

Ҳар бир бола эътиборимизда, ардоғимизда!

  • 6 June 2023

 18 йилдан буён “Ҳар бир бола эътиборимизда, ардоғимизда!” шиори остида ҳар бир боланинг ўзини жамиятни тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилиши учун фидойилик билан фаолият олиб бораётган  Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази биносида Ўзбекистон Экологик партияси билан ҳамкорликда болалар учун “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” ва “5-июнь – Бутунжаҳон атроф муҳит куни” муносабати билан болалар учун  кўнгилочар байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирнинг  расмий очилиш қисмида ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик партияси фракцияси раҳбари Х.Л.Гаппоров, Ўзбекистон Экологик партияси Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, РБИММ директори В.С.Алимова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Х.Аминов, “Orient Ceramic” МЧЖ таъсисчиси У.Ж.Расулов, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси С.Т.Файзиева сўзга чиқиб, болажонларимизни қўшалоқ байрам билан қутладилар. Бадиий қисмда “Гулдаста” болалар рақс гуруҳи, 25-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари иштирокидаги бадиий чиқишлар, флэшмоблар, шунингдек, марказга қатнаётган имконияти чекланган болаларнинг бадиий чиқишлари эса иштирокчиларга шодиёна бахш этдилар.

Шарлар, байроқчалар билан безатилган бино ҳовлисида болалар ўз ихтиёрларига кўра иштирок этадиган турли танловлар, хусусан, расм чизиш, ақлни чархлаш машғулотлари, “Биз сенга бефарқ эмасмиз – Она табиат” мавзуси остидаги хонаки гулларни экиш танлови ташкил этилди. Севимли персонажлар кийимидаги аниматорлар эса болажонларни жонли мулоқотга чорлади, батутда сакраб-ўйнадилар, оппоқ ёлли Пони катталар ёрдамида болаларга ўзларини “чавандоз” деб тасаввур қилишларига имкон берди. Шу ернинг ўзида тайёрланган ширин бодроқлар, юмшоқ пахта музқаймоқ болаларнинг завқига яна завқ қўшди.

Мазкур байрамда марказга ташриф буюраётган болажонлар, яқин маҳаллаларда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, тутинган ота-оналар клуби аъзоларининг фарзандлари,  шунингдек,  ҳукуматимизнинг “Меҳр-3” операцияси орқали мамлакатга олиб келинган оилаларнинг фарзандлари – айнан турли тоифадаги болажонлар иштирок этдилар.

Ўз номига эга бўлган бренд таъсисчилари: “Sofiya Qandolat», «Evos”, “Chitir-chitir” сомса ва  ўзларини ошкор этишни истамаган саховатли инсонлар томонидан болалар учун егуликлар, ширинликлар, ўйинчоқлар ва эсдалик совғалари  тарқатилди.

Тадбирда Болалар омбудсмани А.Т.Юнусова ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизимида фаолият юритаётган  бир қатор идораларнинг вакиллари, хусусан, Қонунчилик палатаси спикери, Халқ таълими ва мактабгача таълим вазирлиги, Миллий гвардия вакиллари меҳмон сифатида иштирок этдилар.

 

Тадбир якунида Миллия гвардиянинг Тошкент шаҳри Чавандозлар мактаби билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.