Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

“Оила ва маҳаллий ҳамжамият билан ижтимоий иш олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш”

“Оила ва маҳаллий ҳамжамият билан ижтимоий иш олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш”

  • 20 May 2023

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ)  ходимлари хорижий давлатларнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказилган кўплаб тренингларда иштирок этиб, муайян тажрибаларга эга бўлганлар. Ҳозирда улар ўзлаштирган билимларини мустақил равишда бойитган ҳолда мамлакатимизда болалар ва оилаларни ижтимоий ҳимоялаш тизимида фаолият кўрсатаётган мутахассислар билан баҳам кўрмоқдалар.

Жорий йилнинг май ойида Термиз шаҳрида  2 босқичда ўтказилган, ҳар бири 36 соатдан иборат  4 кунлик тренинглар “Оила ва маҳаллий ҳамжамият биланижтимоий иш олиб бориш кўникмаларини ривожлантириш” мавзусида бўлиб, унда Сурхондарё вилояти туман, шаҳар ва вилоят ҳокимиятидаги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари мудирлари ва бош мутахассислари,  Оила ва хотин-қизлар Қўмитасининг туман, шаҳар, вилоят бўлимларидаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва реабилитация ишларини мувофиқлаштириш бўйича етакчи мутахассислари, Термиз давлат университетининг “Педагогика ва Ижтимоий иш” кафедраси ўқитувчилари иштирок этдилар. Тренингда ижтимоий иш йўналишининг  таърифидан тортиб, бу йўналиш мижозлари, мазкур касб эгаларининг ваколатлари, этик тамойиллари, ёндашувлар, мулоқот қилиш кўникмалари, йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар, мижоз муаммосини ўрганиш босқичларидан бошлаб, амалий ечимлар, жавоб олинадиган тарзда савол бера олиш кўникмалари каби қатор масалалар жуфтликларда интервью ўтказиш, кейсларни муҳокама қилиш, ролли ўйинлар, қайтма алоқа, амалий қўлланма сифатида хизмат қилувчи видеоларни намойиш этиш орқали тақдим қилинди. Бунда назария вакиллари бўлмиш ТермизДУ ўқитувчилари шу соҳани қўллаган ҳолда иш олиб борадиган амалиётчилар билан бир аудиторияда ўзаро фикр алмашишлари уларнинг ижтимоий иш амалиёти борасидаги касбий тасаввурларининг янада бойишига хизмат қилади.  Ҳар бир тренинг қизиқарли савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар тарзида олиб борилди.

Аудиторияни ортидан эргаштира олган, ҳозиржавоб тренерлар –РБИММ мутахассислари: Ф.Комилов, О.Таджиходжаева ва Ш.Аллабергеновалар бўлишди.

Тренинг якунида мутахассисларга касбий салоҳиятларини оширганликларини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

 

Эслатиб ўтамиз, тренинглар Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва Сурхондарё вилояти ҳокимияти билан  ҳамкорликда Европа Иттифоқининг  молиявий ва ЮНИСЕФ болалар жамғармасининг техник кўмагида амалга оширилаётган “Сурхондарё вилоятида инклюзив таълим, ижтимоий хизматлар ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида олиб борилмоқда.