ЎЗЛАШТИРИЛГАН БИЛИМЛАРНИНГ АМАЛИЁТДАГИ НАТИЖАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва Сурхондарё вилояти ҳокимияти билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий ва ЮНИСЕФ болалар жамғармасининг техник кўмагида амалга оширилаётган “Сурхондарё вилоятида инклюзив таълим, ижтимоий хизматлар ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” мавзусидаги лойиҳа доирасида ўтказилган тренингларда ўзлаштирилган билимларнинг қанчалик амалиётга жорий этилаётганини муҳокама қилиш мақсадида 2022 йилнинг декабр ойидан бошлаб тренинг иштирокчилари билан онлайн супервизиялар бошланди. Дастлабки масала:
– назоратсиз ва қаровсиз қолган болалар билан ишлаш;
– қай ҳолатда уларни транзит марказларига жойлаштириш.
Иштирокчилар бола тақдирини ҳал қилишда қонун ҳужжатлари меъёрларини қўллашга алоҳида эътибор қаратаётганларини, баъзида Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти билан маслаҳатлашмасдан қарор қабул қилинганида тегишли чоралар кўрилаётганини таъкидладилар. Шунингдек, оила муаммоси ўрганилганида болага дахл қилиши мумкин бўлган ҳар бир омилга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги, асосий муаммо ҳал қилиниб, боланинг психологик ҳолати назардан четда қолмаслигига ҳам батафсил тўхталдилар. Супервизияни РБИММ “Ижтимоий иш” бўлими бошлиғи Д.Г.Хусанова олиб борди, супервизия давомида иштирокчиларда юзага келган саволларга муфассал жавоб қайтарди.