Болаларни республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш ва улар реинтеграциясининг долзарб масалалари мавзусида давра суҳбати
2022 йил 6 январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуклари бўйича Вакили ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ва БМТ ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида “Болаларни республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш ва улар реинтеграциясининг долзарб масалалари” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида РБИММ раҳбари В.С.Алимова иштирок этди.
Мазкур давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 майидаги “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 4342-сонли Қарори ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга оид бошқа муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича парламент назорати хулосалари таҳлили ва тақдимотига бағишланди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан В.С.Алимова РБИММ томонидан Республика ўқув-тарбия муассасалари тизимидаги айрим камчиликларни эътироф этган ҳолда бу борада олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида эътибор қаратиш лозим бўлган долзарб масалалар: тарбияланувчиларни касбга йўналтириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг оилага қайтарилиш ҳолатларини кўриб чиқиш, тарбияланувчиларни муассасани битиргандан сўнг ишга жойлаштириш, шу билан бирга, реинтеграция қилиш бўйича ўта зарур бўлган меъёрий мезонларни ишлаб чиқиш кераклигига алоҳида тўхталди. Шунингдек, ушбу муассасалар учун РБИММ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган “Касбга йўналтириш”, “Ҳуқуқий билимларни ошириш”га йўналтирилган методик дастурлар, муассаса тарбияланувчилари учун психологик-педагогик тренинглар дастурлари ишлаб чиқилганлиги ва ушба муассасада мазкур дастурлар асосида семинар-тренингларнинг ташкил этилгани, келгуси фаолиятда ҳам мазкур дастурлар асосида семинар-тренингларнинг мунтазам ўтказилиб борилишини таъкидлади.