БИРЛАШИШ УЧУН ЯНА БИР ИМКОНИЯТ!
Бутун дунёда нишонланадиган “Халқаро ногиронлар куни” жамоатчиликни имконияти чекланган инсонлар интеграциясига тааллуқли муҳим масалаларни ҳал қилиш учун бирлашишга, инклюзив жамиятнинг афзалликларига эътибор қаратишга ундайди. Чунки қатор ташкилотлар ногиронлиги бўлганларнинг манфаатлари йўлида бирлашадилар, биргаликда тадбирлар ўтказадилар, ҳамкорликни йўлга қўядилар, янгилайдилар, такомиллаштирадилар.
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази фаолият бошлаганидан буён имконияти чекланган болалар ва ўсмирларнинг жамиятга муваффақиятли мослашуви, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Халқаро ногиронлар куни муносабати билан марказ ходимлари Яккасарой тумани МФЙ раислари билан ҳамкорликда нафақат болалар ва ўсмирлар, балки саломатлигида имконияти чекланган катта ёшдаги аҳоли уйларига ташриф буюриб, уларнинг жамоатчилик эътиборида эканликларини яна бир бор англашларига ҳисса қўшганча, ҳомийлик совғалари билан хурсанд қилдилар. Бу инсонларнинг кўзларидаги қувонч, миннатдорлик ифодаси эса ҳамкорликдаги фаолиятимизнинг бесамар эмаслигининг яққол намунаси бўлди.