БОЛАЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШАЙЛИК!
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли қарорига биноан ҳар йили 3 декабр куни бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда хам “Халқаро ногиронлар куни” нишонланади. Унинг асосий мақсади - ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини илгари суриш, шунингдек, кенг жамоатчилик эътиборини ногиронлар муаммоларига жалб қилишдир.
Бу кун муносабати билан Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан хамкорликда Қашқадарё, Фарғона, Андижон, Бухоро вилоятларидаги “Мурувват” ногирон болалар интернат-уйларида хар йили ўтказилиши анъанага айлаган тадбирлар бунинг амалий ифодасидир.
2020 йилда хам ушбу анъана давом эттирилиб, имконияти чекланган болаларга чексиз қувонч улашиш, уларга кўтаринки кайфият бахш этиш ва маънавий, жисмоний эҳтиёжларини қондириш, маданий ва умумий дунёқарашларини кенгайтиришга эришиш мақсадида 2020 йилнинг 2 декабр куни Андижон, Бухоро вилоятларидаги, 3 декабр куни Қашқадарё Фарғона, “Мурувват” ногирон болалар интернат-уйларида республикада ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда болалар учун тадбирлар ўтказилди.
2020 йилнинг 3 декабр куни Қўрғонтепа “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида Меҳр-мурувват ойлиги доирасида «Болаларга меҳр-мурувват” шиори остида тадбир ташкил этилди.
Болалар тадбирга ўзлари ёқтирган янги либосларини кийиб, байрамона кайфиятда олиб борилди. Ётувчи болалар учун хоналарда адекватлаштирилган мусиқа терапияси асосида кичик тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирда Қўрғонтепа туман ҳокими А.Я.Эргашев, туман прокурори С.Режаббоев, туман ИИБ бўлим бошлиғи Д.Ихволдинов, вилоят харбий прокурори, харбий қисм командирлари, вилоят ДСИ раҳбар ўринбосари, вилоят санитария осойишталиги маркази бошлиғи, вилоят ХДП раиси А.Нурматов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими фаоллари, вилоят қўғирчоқ театр жамоаси ва “Ўзбекнаво” Андижон вилоят бўлими хонандалари, саҳоватпеша ҳомийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда санъаткорлар томонидан тайёрланган бадиий мусиқий дастурлар, қўғирчоқ театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган эртак қахрамонларининг ташрифи болажонларга кўтаринки кайфият бахш этди. Байрам муносабати билан болажонларга Қўрғонтепа туман ҳокимияти ва ҳомий ташкилотлар томонидан байрам совғалари топширилди.
Тадбир Болаларни шодлиги барқарорлигини таъминлаш мақсадида психолог, тарбиячи ва энагалар масъуллигида мусиқа терапияси ва ART терапия асосида ҳар кунлик қисқа тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.
Бухоро “Мурувват” ногиронликка эга бўлган болалар учун интернат уйида 3 декабр Халкаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан меҳр мурувват ойлиги эьлон килиниб, 2 декабр куни Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамда Вилоят маданият бошқармаси билан хамкорликда кўғирчоқ театри спектакли намойиши, кую-қўшиқларга бой тадбир бўлиб ўтди. Болажонларнинг кўнгиллари шод бўлиб, кувончга тўлди. Тадбирда 150 нафар бола қатнашиб, улардан 20 нафари байрам дастурида турли хил чиқишлар билан қатнашди.
3 декабр куни Фарғона “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернатда “Ҳар бир меҳрнинг давоси меҳр” шиори остидаги тадбир ўтказилди. Бу тадбирда “Мурувват” ишчи-ходимлари, меҳмонлар ва 65 нафар болажонлар иштирок этишди. Байрамда “Мурувват” уйи раҳбарияти ва мутахассислари, Ўзбекнаво эстрада юлдузлари Нодирбек Ҳолбоев, Акмал Садиҳонов, Иззатбек Қўқонов ҳамда “Наргиз“ болалар гуруҳлари, Фарғона вилоят Маданият маркази ходимлари, Фарғона горнизони харбий оркестр санъаткорлари, Болалар хизмат агентлиги ходимлари, Жисмоний малака ошириш ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда фидоий ишчи ходимларни фахрий ёрлиқ билан тақдирлашди ва эсдалик совғалар улашилди. Фарғона вилояти Маданият маркази ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. “Мурувват” уйи ишчи ходимлари ҳамда болалар томонидан тайёрланган саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Ўзбекнаво эстрада юлдузлари ҳамда “Наргиз“ болалар гурухлари иштирокидаги концерт болалар қувончига қувонч қўшди. Тадбир Фарғона горнизони харбий оркестр санъаткорларининг мусиқий чиқишлари билан давом этди.
Тадбир якунида Болалар хизмат агентлиги ходимлари, Жисмоний малака ошириш ўқитувчилари болажонларга ўз табриклари ва совға-саломлари, ширинликларини тақдим этдилар. Тадбир Фарғона телерадиокомпанияси томонидан Фарғона телевидениеси кўрсатувларида эфирга узатиш учун тасвирга олинди. Болалар учун байрам дастурхони ёзилди.
Қарши “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида хам бу кун кенг нишонланди. Муассаса тарбияланувчилари томонидан тайёрланган қўл меҳнати А.Орипов номидаги мактабда ташкил этилган кўргазмада намойиш этилди. Болажонларга байрам дастурхони ташкил этилиб, Вилоят қўғирчоқ театри спектакли намойиши, харбий хизматчилар иштирокида байрам шукуҳи давом этди. Шунингдек, интернат тарбиячи ва тарбияланувчилари томонидан намойиш этилган бадиий чиқишлар тадбир иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Бундан ташқари якка тадбиркорлар томонидан болажонлар учун зарурий бўлган совғалар тақдим этилди.
Жорий йилда 3 декабр Ҳалқаро ногиронлиги бўлган шахслар кунига бағишлаб ташкил этилган тадбирлар хам юқори савияда ўтказилди. Бунда энг олий мақсадга эришилди - болажонларга яна қувонч, кўтаринки кайфият улашилди!