Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

Биринчи президентимиз хотирси

Биринчи президентимиз хотирси

  • 2 September 2020
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда халқимизнинг тарихий ютуғи бўлмиш истиқлол шукуҳи барчамизнинг қалбимизга мунавварлик бахш этади. Бу ўз навбатида, мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марраларнинг бевосита биринчи президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов номи ва фаолияти билан боғлиқ десак муболаға бўлмайди. Биринчи Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишдан тортиб, унинг тараққиёти, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айланиши йўлида юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилди. Унинг тенгсиз жасорати ва узоқни кўзлаб юритган доно сиёсати туфайли Ўзбекистон тарихан қисқа даврда изчил ривожланиш йўлини босиб ўтди.
Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ҳам катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилган эди.
Ислом Абдуғаниевич ўз фаолияти, бутун онгли ҳаётининг маъно-мазмуни бўлган "Биздан озод ва обод Ватан қолсин!" деган эзгу ғояни илгари сурди ва бу шиор барчамизнинг, бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди. У бутун умр "Элим деб юртим деб ёниб яшаш керак" деган даъватга амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратиб кетди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг биринчи президентимиз сўнмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этиш, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузиш, халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги йирик муассаса ва объектлар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи бериш бўйича муҳим қарорлари қабул қилинди.
Ўзининг ноёб истеъдоди, серқирра сиёсий фаолияти, доимо узоқни кўзлаб иш юритиши, донишмандлик, мардлик ва олижаноблик фазилатлари билан ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирган ҳамда барчамиз учун эл-юртга чексиз меҳр ва садоқат тимсоли бўлиб қолган Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси халқимизни доим юксак мақсад ва марралар сари руҳлантиради.