2019 йил 8 июлида Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида Жамоатчилик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди
Жамоатчилик кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 02 июлида қабул қилган ПҚ-3827-сонли “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг 9-банди “таълим муассасаларида маиший зўрликни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш” юзасидан амалга оширилган ишларнинг натижалари таҳлили, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 июнидаги ПҚ-3808-сонли “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”нинг 24-банди “Ота-оналари ёки васийлари фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган вояга етмаган болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, руҳий қўллаб-қувватлаш тизим ва механизмлари самарадорлигини ошириш” ижроси бўйича якуний натижаларга бағишланган масалалар кўриб чиқилди.
Маърузачилар маиший зўравонликни олдини олиш ва ота-оналари ёки васийлари турли ҳуқуқбузарликларни содир этган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида 2 йўналишда олиб борилган тадқиқотда 2911 нафар респондентлар қамраб олинган бўлиб, улар:
- 1338 нафар таълим муассасаси педагог ва психологлари;
- 419 нафар болалар;
- 340 нафар ота-оналар;
- 337 нафар фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари мутахассислари;
- 217 нафар таълим муассасаси директорлари, маънавий марифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари;
- 207 нафар Ички ишлар органи профилактика инспекторлари;
- 53 нафар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия масъул котибларидан иборат бўлди.
Бугунги кунда ўта долзарбликни касб этган ҳар икки мавзу юзасидан иштирокчилар қизғин баҳс-мунозаралар соҳасида фикр алмашдилар. Келгусида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар гуруҳини етарлича қамраб олиш, уларга ўз вақтида мажмуавий манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида олиб борилган тадқиқот хулосалари асосида барча масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқишга келишилди.
Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши, “SOS – Ўзбекистон болалар шаҳарчаси” ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, “Узбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат академиясининг Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти мутахассислар иштирок этдилар.