Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК ЙЎЛИДА

МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК ЙЎЛИДА

  • 5 July 2019

 2019 йил 4 июль куни Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) Қарши минтақавий филиали қошида “Қашқадарё вилоятида болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизими: бугун ва келажакда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Қашқадарё вилоят ҳокимияти, РБИММ Фарғона ва Самарқанд минтақавий филиали, Қашқадарё вилояти “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармалари ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, фаол иштирок этди.

Давра суҳбати болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизими мутахассисларини Қарши минтақавий филиали томонидан болалар ва оилаларга кўрсатиладиган хизмат турлари билан таништириш, бу соҳада фаолият олиб бораётган барча ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида биргаликда олиб бориладиган ишлар режасини тузиш мақсадида ўтказилди.

Давра суҳбатида РБИММ раҳбари Васила Саттаровна Алимова тадбир иштирокчиларга Марказнинг 15 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар, Фарғона ва Самарқанд минтақавий филиалларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Самарқанд минтақавий филиали директори Абдухамид Алишерович Базаров бола ҳуқуқлари юзасидан мавжуд қонунлар, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини очиб берди, шунингдек, филиал фаолияти юзасидан амалий натижалари билан ўртоқлашди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти Заитов Элёр ўзининг маърузасида Ўзбекистонда ижтимоий соҳа ходимларининг фаолиятини ривожлантириш жамиятимизда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллашувига хизмат қилишини айтиб ўтди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида ижтимоий иш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш масаласи бўйича турли таклиф ва тавсияларни берди.

Кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган ушбу тадбирда маърузачилар алоҳида эҳтиёжли болаларга мажмуавий ёрдам кўрсатиш ва илк ёрдам хизматига доир муҳим бўлган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Улар ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

РБИММ директори В.С.Алимова Марказнинг Қарши минтақавий филиалини барпо этишда ўзининг улкан ҳиссасини қўшганлиги ва яқин ҳамкорлиги учун Қашқадарё вилояти ҳокимиятига ташаккурнома тақдим этди.

 

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан РБИММ Қарши минтақавий филиали директори Нақшбанд Азизович Ражабов оила ва болаларни қўллаб-қувватлашда амалга оширган ҳамкорлиги учун фаҳрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Тадбир якунида янги ташкил этилган РБИММ Қарши минтақавий филиали ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва оилаларга мажмуавий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни йўлга қўйганлиги муносабати билан барча ҳамкор ташкилотлар томонидан ушбу филиал хизматларини аҳолига кенг тарғиб этиш борасидаги  мақсадли режалар белгилаб олинди.