БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази мутахассислари Ўзбекистонда ижтимоий иш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган тренингда муваффақиятли иштирок этдилар.
“Халқаро стандартларга асосланган ижтимоий ишчиларни ўқитишни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида АҚШ Колумбия университети мутахассислари Тимати Хант ва Людмила Ким томонидан учта циклдан иборат “Оила билан ижтимоий иш амалиёти” мавзусида тренерлар учун тренинг ўтказилди.
Ушбу тренингда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Тошкент шаҳар ИИБ, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва унинг Самарқанд, Фарғона минтақавий филиаллари, Самарқанд ва Фарғона давлат университетлари, Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий иш кафедраси ўқитувчи ва магистрантлари иштирок этдилар.
Тренингда оилалалар билан ижтимоий ишнинг асосий кўникмалари, аҳолининг заиф гуруҳлари билан ишлашда ёрлиқ, (стигма), стереотиплар ва дискриминацияни олдини олиш, маиший зўравонлик, болаларга қўпол муносабатда бўлиш, кейс-менеджмент, каби долзарб мавзулар орқали мутахассисларнинг билимлари оширилди.
Тренинг якунида халқаро стандартларга мувофиқ, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн тренинг иштирокчиларига сертификат топширди.
Келгусида истиқболли ижтимоий иш касбини ривожлантириш орқали мамлакатда ижтимоий хизматларга замонавий йўналишларни киритиш, оила ва болалар билан ишлашда ижтимоий ходимларнинг малакасини янада ошириш, алоҳида эътибор ва ёрдамга муҳтож болаларнинг манфаатлари йўлида ўз жамоамиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда ҳаракат қилишга тайёрмиз дейди, Марказнинг ижтимоий иш ходимлари.
Мазкур тренинг нафақат билимларни ошириш балки, мутахассисларда самарали иш фаолиятини йўлга қўйишга ҳам кучли мотивация уйғотди десак муболаға бўлмайди.
Шу муносабат билан, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази барча ҳамкор ташкилотларга хусусан, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Миллий университети ва тренинг ташкилотчиларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдириб қолади.