ФАРЗАНДЛАРИМИЗ МЕҲР ОҒУШИДАЛАР
Бола мисоли бир ниҳол, табиат инъом этган мўъжиза. Маълумингизким, “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” – бу болалар учун нафақат қувончли байрамлардан бири, балки катталарга болаларнинг доимий ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтож эканликларини, катталарнинг бўлса уларга масъул эканликларини эслатиш учун бир имкон ҳамдир.
Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида бу кунни алоҳида мазмундор қилиб ўтказиш анъанага айланган. Марказга қатнаётган имконияти чекланган болалар ўзларининг ота-оналари ва яқинлари билан нафақат барча танловларда иштирок этадилар, балки турли-туман совғаларга ҳам эга бўладилар. Бу йилги РБИММ ўтказган байрам марказ учун алоҳида аҳамият касб этди. Чунки унда шу тоифадаги фарзандлари бўлган Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон фуқаролари ҳам иштирок этдилар. Саҳнага чиққан барча болалар ўзларининг қўшиқ куйлаш, шеър айтиш, рақсга тушиш, цирк-эстрада томошалари, кубик йиғиш каби қобилиятларини намойиш қилдилар.
Болалар ва уларнинг ота-оналари учун ташкил этилган тадбир фарзандларимизнинг ҳар бири алоҳида меҳр ва эътибор қуршовида бўлишлари баробарида жамиятнинг эътиборида эканликларидан яна бир далолатдир.