Иқтидорли болалар: олимлар ёндашувлари...
РБИММ “Алоҳида иқтидорли болалар муаммоларини ўрганиш” бўлими мутахассислари иқтидорли болалар муаммолари билан шуғулланадилар. Аслида иқтидорли бола – у ёки бу фаолият турида бошқалардан ўзининг ёрқин, очиқ-ойдин, баъзида мислсиз ютуқлари билан ажралиб турувчи боладир. Замонавий тушунчалар орасида америкалик мутахассис Жозеф Рензуллининг иқтидорлилик концепцияси назариясини машҳур деб аташ мумкин. Унинг фикрига кўра, иқтидорли бўлиш – бу бир-бирига таъсир этувчи ва тўлдирувчи 3 та омилнинг мураккаб натижасидир:
-қобилиятларининг юқорилиги
-креативлилик
-мотивация
Иқтидорли болаларни кўпинча "вундеркиндлар" (немис тилида "мўъжизавий болалар”) деб аташади, аммо бу тушунчаларни фарқлаш лозим.
Иқтидорли болалар юқори ривожланиш даражаси, яъни талант даражасига етиши мумкин бўлган ёки аксинча ривожланмаган потенциаллари билан ажралиб турадилар. Ҳар эллигинчи бола бирон-бир соҳада истеъдодли ҳисобланади.
Вундеркиндлар эса эрта ёшданоқ ривожланиш меъёрларидан устун туради ва маданий аҳамиятга эга ютуқларни намойиш этадилар. Масалан, Волфганг Амадей Моцарт ўзининг биринчи фортепиано асарларини 5 ёшида яратган бўлса, математик Блез Паскал эса 9 ёшида илмий рисола ёзган. Вундеркинд болалар миллион кишидан биттаси бўлиб туғилиши мумкинлиги эҳтимоли мавжуд.