Сурхондарё вилоятида болалар ва оилаларни ижтимоий ҳимоялаш амалиётида қонун устуворлиги масалалари
«Оила ва болалар билан ижтимоий иш амалиётининг асослари (кейс-менежмент)» мавзусидаги тренингнинг 2-гуруҳида Сурхондарё вилояти Хотин-қизлар қўмитаси вилоят бошқарма ва шаҳар, туман бўлимлари ходимлари иштирок этдилар. Тренингни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири Сардор Рахматов кириш сўзи билан очиб берди.
Тренерлар Юлдузхон Умарбекова ва Мунира Махмудова бола ҳуқуқлари юзасидан амалиётдаги халқаро меъёрий ҳужжатлар ҳақида сўз юритиб, БМТ нинг Болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисидаги Конвенцияси моддаларига батафсил тўхталдилар.
Тренингнинг амалий қисмида гуруҳларга бўлиниб ишлаган иштирокчилар Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоялашнинг халқаро норматив-ҳуқуқий асосларидан бири ҳисобланмиш БМТ нинг Болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш тўғрисидаги Конвенцияси моддаларини амалиётда қўллаш юзасидан кейслар асосида бола ва оила тақдирига дахл қилган ҳолатларда ўзлари эришган натижалар ва натижасиз қолган вазиятлар, бунга таъсир кўрсатган сабабларни муҳокама қилдилар. Ҳар бир ҳолат ўзига хос ва ҳеч бир вазият бир бирига ўхшамайди, шундай экан, қатнашчилар муаммонинг ечими бўйича муҳокамага киришдилар, ўзаро фикрлашдилар, тажриба алмашдилар.