Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

“Инклюзив таълимдан-инклюзив жамиятга”мавзусидаги семинар-тренинг

“Инклюзив таълимдан-инклюзив жамиятга”мавзусидаги семинар-тренинг

  • 10 June 2022

“Инклюзив таълимдан – инклюзив жамиятга” мавзусидаги семинар-тренинг: таҳлил, натижалар, ўзаро тажриба алмашинуви

2022 йил 8 июнда ўтказилган семинар-тренингда Халқ таълими вазирлиги Болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ф.Ахмедов, ТАШҲИС маркази, Тошкет шаҳар Халқ таълими бошқармаси мутахассислари, ПТПК аъзолари, инклюзив таълим амалиётини жорий этаётган мактаб раҳбарлари, бошланғич синф ўқитувчилари ва психологлар иштирок этдилар.  Семинар ўзаро фикр алмашиш, савол-жавоб тартибида олиб борилиб, унда 2021-2022 йил давомида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, эришилган ютуқлар ва инклюзив таълимни амалга ошириш жараёнидаги муаммолар соҳа вакиллари билан кенг муҳокама этилди.

Педагогика фанлари доктори, профессор Л.Р.Муминова лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, лойиҳа доирасида амалга оширилган тадқиқотлар, педагоглар учун ташкил этилган  ўқувлар, тайёрланаётган илмий, методик ва дидактик материаллар мазмуни билан таништирб, аутизм спектрида бузилишлари бор болаларни педагогик-психологик саралаш методлари, коррекцион-ривожлантириш ишидаги илғор педагогик ёндашувлар ҳақида  кенг маълумот тақдим этди.

Лойиҳа иштирокчиси И.Шодмонходжаева РБИММ фаолияти, амалга оширилаетган илмий-тадқиқот ҳамда  шифокор,дефектологлар, педагоглар, психологларнинг амалий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

ТДПУ декани, п.ф.н., доцент Д.Нуркелдиева  Даун синдромли болаларнинг психологик ва жисмоний хусусиятлари, уларга таълим-тарбия беришда дифференциал ва индивидуал равишда ёндашиш, индивидуал дастур тузиш  тамойиллари, бу тоифаадаги болалар учун 4 хил таълим тури мавжудлигини батафсил ёритиб берди.

РБИММ бўлим бошлиғи, лойиҳа тренери Ҳ.Калбаева кохлеар имплантациянинг мамлакатимизда давлат томонидан бепул амалга оширилаётгани, кохлеар имплантли болаларнинг  реабилитациядан кейинги имкониятлари, уларни инклюзив таълимга самарали уйғунлаштиришда нутқий, эшитув  ва когнитив ҳолатини ҳисобга олиниши, ўқув жараёнига алоҳида ёндашув зарурлиги масалаларга тўхталди.  Шунингдек, фанлар бўйича ўқув материални мослаштириш, кўргазмали –дидактик материаллардан фойдаланиш, таянч конспектлар тайёрлаш, дарслар жараёнида нутқнинг маъносини тушунтириш усуллари билан таништирди.

ТДПУ ўқитувчиси, лойиҳа тренери А.Маматова семинар иштирокчиларини Тошкент шаҳар ва Самарқанд шаҳар мактабларида имконияти чекланган болаларни ўқитиш жараёнини тадқиқ этиш натижалари билан таништирганча, бу борада аниқланган муаммоларни, хусусан:  синфларда ўқувчилар сонининг кўплиги, ўқитувчиларда методик компетенциянинг етишмаётганлиги, дефектолог ва тьютор ёрдами ташкил этилмаганини  эътироф этди. Ўқитувчиларнинг инклюзив таълимга тайёргарлигини ошириш мақсадида ўқув семинарларнинг кўламини кенгайтириш зарурлигини, бу борада мослаштирилган ўқув дастур, индивидуал дастур, дидактик ва методик материаллар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

324-сонли умумтаълим мактаб директори Б.Пулатова  2015 йилдан бери имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш жараёнида бутун мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳамжиҳатлигида эришилган ижобий натижалар, инклюзив синфларда ишлаётган педагогларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасидаги мавжуд механизмлар, педагогик жамоа ва ўқувчилар ўртасида  имконияти чекланган болаларга ижобий муносабатни шакллантириш йўллари, педагоглар маҳоратини ошириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди ва бошқа мактаб педагогик жамоаларига методик ёрдам кўсатишга тайёр эканлигини билдирди.

ПТПК аъзоси Ш.Носирова, З.Файзиева, С.Юнусовалар имконияти чекланган болаларни умумий таълимга жалб этишда психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг ўрни, комиссиянинг йил давомида ишлаши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтдилар. Имконияти чекланган ўқувчилар ва ота-оналарни инклюзияга йўналтиришда нафақат алоҳида эҳтиёжли болаларнинг, балки соғлом тенгдошларининг манфаатларини ҳисобга олиш зарурлигини, умумтаълим мактабга гапира оладиган, ўз ҳатти-ҳаракатларини бошқара оладиган, дарс машғулотларида  диққатини жамлай оладиган болаларни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.   

Семинар якунида кенг муҳокамадан сўнг инклюзив таълимни самарали кечишини таъминлаш бўйича мутахассилардан таклифлар олинди.