Версия для слабовидящих: Вкл Выкл Изображения: Вкл Выкл Размер шрифта: A A A

Объявление

Ўзбекистонда ижтимоий ишнинг бугунги ҳолати ва такомиллаштириш масалалари

Ўзбекистонда ижтимоий ишнинг бугунги ҳолати ва такомиллаштириш масалалари

  • 8 June 2018

 

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) нинг Самарқанд минтақавий филиалининг Самарқанд давлат университети (СамДУ) билан ҳамкорликда кўҳна Самарқанд шаҳрида ўтказган  илмий-амалий конференцияси  айнан шундай номланди. Конференция ишида табиатнинг ғаройиб неъмати, мукаммал бир кашфиёти бўлмиш бола улғаяётган муҳит –  оила, мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаблар, умумтаълим муассасалари, борингки... жамиятнинг кенг тармоғи ўзаро муносабатда бўларкан,  туғилганидан бошлаб мустақил ҳаётга қадам қўйгунига қадар уларнинг ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи қатор мутасадди ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар.  Зотан, ижтимоий ишнинг халқаро таърифида келтирилганидек, “ижтимоий иш инсон хулқи ва ижтимоий тизимнинг назарияси, шунингдек, турли этник қатламлар маданияти ҳамда анъаналарини ҳурмат қилган ҳолда одамларнинг атрофдагилар билан муносабатига ва ҳар бир шахснинг унга аҳамиятли бўлган бошқа муносабатларига аралашади”.

Конференция ишини Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хамротош Нормуродовна Шодиева кириш сўзи билан очди ва вилоятда болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан қисқача маълумот бериб ўтди. СамДУ ректори номидан сўзга чиққан профессор Фарҳод Набиев ташриф буюрганларни конференциянинг очилиши билан қутлади. Маърузачилар РБИММ директор илмий ишлар бўйича ўринбосари Л.Р.Мўминова, Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси О.С.Очилов, Самарқанд вилояти Давлат хизматлари агентлиги бош маслаҳатчиси А.А.Примов, Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари Самарқанд вилоят кенгаши раисининг ўринбосари К.Д.Хайдаров ва бошқа сўзга чиққанлар   ўз маърузаларида бола, оила, таълим муассасалари, маҳалла, ички ишлар органлари ҳамкорлиги бўйича долзарб масалалар ўртага ташланди, ҳар бир маърузачи ўз йўналишларида бу борада олиб борилаётган ишлар мазмуни, ютуқ ва камчиликларни эътироф этган ҳолда, таклиф ва тавсиялар бердилар, ўзаро   фикр алмашдилар. “Ҳаёт” ННТ вакиласи Р.Ш.Халилова вилоятда РБИММ ташаббуси билан Европа Иттифоқи кўмагида йўлга қўйилган инклюзив таълим бўйича лойиҳанинг муваффақиятли тажрибасидан сўзлаб берди. 






Самарқанд давлат университетининг Ижтимоий иш йўналиши бўйича таҳсил олаётган 1-3 босқич талабаларининг чиқишлари, уларнинг ўзлари танлаган соҳани кенг қамровли ўрганишга, бу соҳанинг моҳиятини кенг оммага етказишга интилаётганликларидан далолат берди.

Конференция ишида Васийлик ва ҳомийлик органлари, Маҳалла жамғармаси вакиллари, ВЕИК ходимлари, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолининг бандлигини таъминлаш бошқармалари мутахассислари, меҳнат биржаси, давлат хизматлари агентлиги ходимлари, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида фаолият олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, СамДУ талабалари иштирок этдилар.

Конференциянинг амалий қисмида пойтахтдан ташриф буюрган мутахассислар Самарқанддаги ҳамкасблари учун “Ўзбекистонда инклюзив таълим сифати”, “Ҳимояга муҳтож оила ва болаларга ижтимоий хизматларни кўрсатишда ижтимоий иш ходимининг роли”, “Боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишида сенсор интеграциянинг роли”, “Тарбияси оғир болалар билан ишлашда ижтимоий иш ходимининг роли”, “Мослаштирувчи жисмоний тарбия” мавзуларида қизиқарли конкурслар, интерактив усуллар ёрдамида семинар-тренинглар ўтказдилар.